Суннатни ўқий олмаямман

Ассалому алайкум! Фарзандим кичкина бўлганлиги сабабли бир ҳил пайтлада намоз вақтида рўмолларимми тортиб eчиб овотти. Номоз ўқивотган пайтимда тўғримдан нeччи мартта кeсиб ўтади. Саволим шунақа шароитда ўқилган намоз қабул бўладими? Кeгин бир ҳил пайтла болам киймларимми тортиб йиғлаб ташаса суннат намозини ўқиёми қоламан. Мана бугунам пeшин намозида 4 ракат суннат ўқидим, орқасидан 4 ракат фарз ўқиб, охирги 2 ракат суннатни адо этоми қолдим. Шунақа пайтлада фарзни ўзи билан тугатиб қўяқосам гуноҳ бўмидими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Вояга етмаган бола намоз ўқиётган вақтизда олдиздан ўтишининг зарари йўқ. Болангизни бирор нарса билан чалғитиб, ўқиб олсангиз бўлади. Сизнинг бу ҳолатингиз равотиб суннатларни тарк қилишга узр бўлмайди. НАМОЗДА ЁШ ҚИЗЧАНИ БЎЙНИГА МИНДИРИБ ОЛИШ ҲАҚИДА عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْأَنْصَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُصَلِّي وَهْوَ حَامِلٌ أُمَامَةَ بِنْتَ زَيْنَبَ بِنْتِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَلِأَبِي الْعَاصِ بْنِ رَبِيعَةَ بْنِ عَبْدِ شَمْسٍ، فَإِذَا سَجَدَ وَضَعَهَا، وَإِذَا قَامَ حَمَلَهَا Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнаб билан (куёвлари) Абул-Ос ибн Рабиъа ибн Абдушамснинг қизи Умомани кўтариб олиб намоз ўқийверар эдилар. Сажда қилганларида уни ерга қўяр ва турганларида кўтариб олар эдилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Мабодо кўтариб намоз ўқиганингизда боланинг таглигида нажосат бўлмасин. Янгилаб олинг. عَنْ أُمِّ حَبِيبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنْ عَبْدٍ مُسْلِمٍ يُصَلِّي ِللهِ كُلَّ يَوْمٍ ثِنْتَيْ عَشْرَةَ رَكْعَةً تَطَوُّعًا غَيْرَ فَرِيضَةٍ إِلَّا بَنَى اللهُ لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ. قَالَتْ أَمُّ حَبِيبَةَ: فَمَا بَرِحْتُ أُصَلِّيهِنَّ بَعْدُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَزَادَ التِّرْمِذِيُّ: أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْعِشَاءِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلَاةِ الْفَجْر Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракъат ихтиёрий намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради», дедилар. Умму Ҳабиба: «Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Термизий: «Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат, Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат, Бомдоддан олдин икки ракъат»ни зиёда қилган. Шарҳ: Ҳанафий мазҳаби мана шу ривоятни маҳкам ушлаб, ҳаётга яхшилаб татбиқ қилган мазҳабдир. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобе бўлган суннатларни қўймай, ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бордир. Бу ваъда бўйича, ушбу намозлар учун мукофот тариқасида Аллоҳ таоло томонидан жаннатда алоҳида уй қуриб берилиши таъкидланмоқда. Фарз намозларга тобе бўлган суннат намозларини қўймай, ўқиб боришга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам Умму Ҳабийба онамиз ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қолдирмаганлар. Биз ҳам худди шундай қилишимиз лозим. Фарз намозларидан олдин ўқиладиган суннат намози ўзига хос равишда фарз намозга тайёрланиш вазифасини ҳам ўтайди. У намозни ўқиб, анча тайёрланиб олган намозхон учун фарз намозининг хушуъ ва хузуъсини жойига қўйиш осон бўлади. Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса, ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди. Шунинг  учун  ҳам  шариатда  бу  намозлар «мукаммилот» — «тўлдирувчи намозлар» деб аталади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 08:02 | Савол-жавоблар | 154 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar