Қариндошлик алоқаси бузилиши

Ассалому алайкум! Вокеа тушунарли бўлиши учун узунроқ ёзаман. Якин бир йилда хаммаси яхши эди. Аммо бахтга карши дадам буйрак серозига чалиниб колдила ва табиийки трансплатсия кипишь керак буб колди. Бизни оилавий шароитимизда бу аператсияга йетарли маблаг йук еди. Шундай шароитда биз амакимладан текширувлар ва дори дармонлар учун маблаг сурагандик аммо маблаг масаласида дадам билан тортишиб колувдила ва ёрдам бермай кетгандилар. Ва шу булдики на бобом, на бувим, на амаким ва на аммаларим хабар олдилар ва хатто кунгирок хам килмай куйдилар . Биз кишлокда ва дадам бош фарзанд булганликлари учун бобо-бувим амаким билан шахарда турадилар. Шу бир сабаб билан алокани уздилар кариндошларимиз биз билан . Энг афсусланарлиси биз дадамни араб кололмадик. Энг аввало Оллох берган умр лекин биз моддий томондан дадамни даволатолмадик. Чунки оиламизда факат дадам ишлар эдилар . Мен ва укам энди Олийгохда 2-курс. Дадамни тазияларида келдилар амаким ва кариндошларимиз. Лекин хатто тазиядан кейин хам ахволимиздан хабар олмадилар ва хозир хам. Хеч бир тазиядан кейинги маросимларга келмадилар. Инсон шу даражада фарзандидан ва жигаридан кечиб юбориши аклга сигмайди. Энди моддий томонлама кийналаётганимиз учун мен турмуш куряпман . Мен биламанки кариндошлардан кечиш катта гунохлардан бири. Энди саволим шуки, биз уларни дадамни йилларидан кейин туйимга таклиф килайликми ёки индамай улардек алокани узиб кояколайликми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Алоқани узманглар. عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ أَنَّ جُبَيْرَ بْنَ مُطْعِمٍ أَخْبَرَهُ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُلَا يَدْخُلُ الْجَنَّةَ قَاطِعُ رَحِمٍرَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», – дедилар».
Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.
Силаи раҳмни узиш инсоннинг жаннатга кирмай қолишига сабаб бўладиган катта гуноҳ ишлардандир. Аллоҳ таоло бундан Ўз паноҳида асрасин.عَنِ الْأَعْمَشِ وَالْحَسَنِ بْنِ عَمْرٍو وَفِطْرٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَلَيْسَ الْوَاصِلُ بِالْمُكَافِئِ، وَلَكِنِ الْوَاصِلُ الَّذِي إِذَا قُطِعَتْ رَحِمُهُ وَصَلَهَارَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.Аъмаш, Ҳасан ибн Амр ва Фитрдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қилганига яраша қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас. Аммо силаи раҳм қилувчи қариндошлари алоқани кесганда боғловчидир», – дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Яъни бошқалар ундан қариндошлик алоқасини узса ҳам у силаи раҳм қилаверади. «Сиздан угина, биздан бугина» деган ниятда бўлса, «У қилса, мен ҳам қиламан» деса, мукофот учун қилган бўлади. Бундай одам силаи раҳм қилган ҳисобланмайди. Бундай муомала бегоналарга ҳам қилинади.
Қариндоши ёмонлик қилса ҳам, силаи раҳм қилаверган одам ҳақиқий силаи раҳм қилувчи бўлади. Бу ерда жуда катта гап бор. Ҳозирги кунда қариндошлик алоқаларининг бузилишига кўпинча ана шу омил, яъни «У қилса, мен ҳам қиламан, у қилмаса, мен ҳам қилмайман» деган тушунча сабаб бўлмоқда.
Лекин ушбу ҳадиси шарифга амал қилинса, «Майли, бошқалар қилмаса қилмасин, лекин бу менинг бурчим, қилавераман», деб силаи раҳм қилаверса, бир-икки марталик ҳаракатдан кейин нариги тараф ҳам «Бу қиляпти, мен ҳам қилмасам, уят бўлади» деб, икки томондан ҳам алоқалар йўлга қўйилиб кетади.
 Мусулмонлик бурчини англаб етган кимса бу ишни аввалроқ қилишга уринади. Натижада қариндошлик, дўстлик, биродарлик алоқалари ҳеч қачон узилмайди. Валлоҳу аълам!

23 Сентабр 2022, 18:18 | Савол-жавоблар | 133 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar