Расулуллоҳ ва насронийлар

Ассалому алайкум! Ман бир ҳадис эшитгандим унда шундай айтилганди: насронийлар Расулуллоҳ ёнига келиб баҳс қилишди улар Исломни қабул этмадилар. Шунда Расулуллоҳ айтдилар сизлар ўз аёлларинггизни олиб келинг ман ҳам олиб келаман, сиз фарзандларингизни олиб келинг ман ҳам олиб келаман ва улар устидан қасам ичамиз дедилар. Расулуллоҳ олиб келдилар лекин насронийлар олиб келмадилар. Шу ҳадисни манбасини топа олмадим бир эшитдим саҳиҳ муслимда бор деб. Шу ҳадисни асли ҳақида сўрамоқчи эдим шу ҳадис саҳиҳми ростан ҳам муслимда борми малумот берсангиз илтимос?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ушбу воқеъа ояти каримада ҳам ворид бўлган. “Тафсири ҳилол” китобида бундай дейилади: “Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади: “Сенга келган илмдан кейин, ким сен билан у ҳақида тортишса, Сен: “Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз”, деб айтгин.”
 Ривоятларда келишича, “Оли Имрон” сурасининг аввалидан то саксон нечанчи оятигача Пайғамбаримиз ҳузурларига Нажрон насоролари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо ҳақида ва бошқа масалалар хусусида тортишган вақтда нозил бўлган. Улар билан бўлган тортишув бир мақомга етиб, Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолганда ҳам, рақиб тараф қайсарлик билан, ўзимники тўғри, деб туриб олган. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларни мубоҳалага, яъни болалар ва аёлларни тўплаб, ўзлари ҳам қўшилиб, икки тараф ҳам: “Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, деб дуо қилишга чақиришни буюрди. Пайғамбар алайҳиссалом мазкур насороларни мубоҳалага чақирганларида, улар кўнмадилар. Лекин мансабларини, обрўларини, мол-дунёларини йўқотишдан қўрқиб, Исломни ҳам қабул қилмадилар. Валлоҳу аълам!

9 Декабр 2023, 12:00 | Савол-жавоблар | 0 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar