Намоз вақтлари ҳақида маълумот

Пешиннинг 12:19да ўқиган жоизми ёки 13:00 да? Аср wомга қадар, wом хуфтонга қадар давом етадими? Бомдодни вақти киргандан неча минутдан кейин ўқиш жоиз?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Сизнинг саволингизга қуйидаги саҳифада жавоб берилган. Алалхусус, қуйидаги иқтибосни келтирамиз:
1. Пешин намозининг вақти қуёш заволга кетиб, ҳар бир нарсанинг сояси узая бошлагандан бошлаб, то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйи мислича бўлгунча.
Бу икки вақтдан ташқарида Пешин намози вақти бўлиши мумкин эмас.
2. Аср намозининг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйи мислича бўлгандан бошлаб, то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйига икки баробар бўлгунча бўлади.
Бу вақтдан, яъни, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки мисл бўлгандан кейин, Асрнинг вақти чиқмайди. Балки Асрнинг вақти Шомнинг вақти киргунча давом этади.
Ушбу ҳадисда Жиброил алайҳиссалом Асрнинг афзал вақтини кўрсатиб берганлар. Бошқа ҳадисларда Асрнинг вақти Шомнинг вақти киргунча давом этиши очиқ-ойдин баён қилинган.
3. Шом намозининг вақти қуёш ботгандан бошланади ва Хуфтон вақти киргунча давом этади.
Аммо, Жиброил алайҳиссалом икки кунда ҳам бир хил вақтда, қуёш ботганда ўқиб берганлари, энг афзал вақт шу эканига далолат қилади.
4. Хуфтон намозининг вақти шафақ ғоиб бўлгандан бошлаб тонг отгунча.
Лекин бу ҳадисда кечанинг учдан бири ўтганда ўқилиши энг афзал вақт эканлигини кўрсатади.
5. Бамдод намозининг вақти тонг отгандан бошлаб қуёш чиқишни бошлагунча.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шарифда ҳар бир намознинг вақти энг аввали билан охири вақтининг энг афзали кўсатилган.
Аслида эса, Бомдоддан бошқа намозларнинг вақти бир-бирига улашиб кетади.

29 Апрел 2022, 20:43 | Савол-жавоблар | 162 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar