Қорин қўйиш

Ассалому алайкум! Мeн эшитишимча қорин қўйиш ҳаром дeйилган экан. Шу ҳақида ҳадис ёки оятларда кeлтирилганми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Айнан қорин қўйиш ҳақида йўқ. Аммо ҳаромдан озиқланиб, семирган ҳақида бор. Аллоҳ таоло “Муҳаммад” сурасида марҳамат қилади. وَالَّذِينَ كَفَرُوا يَتَمَتَّعُونَ وَيَأْكُلُونَ كَمَا تَأْكُلُ الْأَنْعَامُ وَالنَّارُ مَثْوًى لَّهُمْ۝ «Куфр келтирганлар «баҳраланурлар» ва худди чорва ҳайвонлари егандек ерлар ва олов уларга турар жойдир». Улар бу дунёда лаззатларига бериладилар, ейиш-ичишлари ҳам чорва ҳайвонлари сингаридир. Уларнинг қорин тўйдиришдан ўзга ғамлари йўқ. Улар Аллоҳнинг эмас, қориннинг бандаларидир. Бундан, овқат еб, ҳузурланмаслик керак экан-да, деган хулосага келмаслик керак. Чунки мусулмонлар ҳам ҳузурланадилар, яхши овқатларни ейдилар. Бу ерда ҳақиқий насиба ҳақида гап кетяпти. Кофирларга бу дунёда мол каби еган таомидан ўзга насиба йўқ. Иккинчидан, бу дунёда мўмин ҳалол-пок нарсаларни меъёрида, завқ билан, ундан ҳосил бўлган қувватни тақво, савоб ва хайрга сарф қилиш учун еб-ичади. Кофирнинг эса унга эслатиб турувчи на тақвоси бор, у на савобни ёки гуноҳни ўйлайди, унинг дунёдаги асосий мақсади қорин тўйдиришдир. Шунинг учун ҳам у ҳалол-ҳаром, пок-нопокнинг фарқига бормай, молдек еяверади. Ҳамда охиратга унга бундан бошқа ҳеч қандай насиба қолмайди. ("Тафсири ҳилол" китобидан). عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّهُ لَيَأْتِي الرَّجُلُ الْعَظِيمُ السَّمِينُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لَا يَزِنُ عِنْدَ اللهِ جَنَاحَ بَعُوضَةٍ، وَقَالَ: اقْرَءُوا (فَلَا نُقِيمُ لَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَزْنًا). وَعَنْ يَحْيَى بْنِ بُكَيْرٍ، عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ، عَنْ أَبِي الزِّنَادِ مِثْلَهُ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни улкан, семиз одам келади. У Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик ҳам вазнга эга бўлмайди. «Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз»ни ўқинглар», дедилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Ушбу ҳадисда жасадни катталигини Қиёмат кунида эътибори бўлмапслигига ишора бордир. Инсон табиий катта жасадга эга бўлиши, қандайдир касаллик сабабли қориндор бўлиши ёки ирсий тарафдан бу каби ҳолда бўлишига маломат қилинмайди. Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 14:19 | Савол-жавоблар | 181 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar