Али ва Муовия розияллоҳу анҳум

Ассалому алайкум! Али розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳу ўрталаридаги келишмовчиликни асл сабаби нима эди? Ҳадис ва Ҳаётда Муовия розияллоҳу анҳу Шомда ҳалифаликни даво қилгани айтилган. Бошқа манбаларда эса Муовия розияллоҳу анҳу ҳалифаликни ҳеч хам даво этмаган балки Усмон розияллоҳу анҳунинг қасосини олишни ёки қотилларни беришини Али розияллоҳу анҳудан талаб қилган. Али розияллоҳу анҳу эса вазият яхшилангандан кейин қасос олишни режа қилганликларини Муовия розияллоҳу анҳу тушунмасдан орада низо бўлган. Муовия розияллоҳу анҳу Али розияллоҳу анҳуни ҳалифалигини тан олган аммо қасос олинмагунча байъат бермаслигини айтган дейилади. Аслида вазият қандай бўлган? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳозирги кунда сиз билишингиз шарт бўлган ҳалол-ҳаром, ширк-куфр каби масалалар жуда кўп. Шуларни ўрганинг. Берган саволингизни жавобини билсангиз ҳам билмасангиз ҳам сизга бир тийинлик фойда-зарари йўқ. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:   تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُم مَّا كَسَبْتُمْ وَلاَ تُسْأَلُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ۝ 134. Булар ўтиб кетган умматдирлар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлур, сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлур. Уларнинг қилган амалларидан сўралмассиз.
Яъни «Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва уларга эргашганлар бир уммат эдилар. Умрларини яшаб, ўтиб кетдилар. Тирикликларида нима амал қилган бўлсалар, уларга ўша амаллари ҳисоб қилинади. Яхши амаллар бўлса, мукофотини, ёмон амаллар бўлса, жазосини оладилар.
Худди шунингдек, сизларга ҳам ўзингиз қилган амалларга қараб мукофот ёки жазо берилади. Улар қилган ишлардан сизлар сўралмайсизлар, ўзлари жавоб берадилар. Шунинг учун бекорга тортишиб юрмай, вақтни ғанимат билиб, яхши амалли мўмин-мусулмонлар сафида бўлишга ҳаракат қилинглар».
Энди келадиган оятларда ўша вақтда яшаб турган аҳли китобларнинг баъзи даъволари рад этилади. Уларнинг барча ҳужжат ва далиллари пуч экани фош қилинади. Уларнинг саркашлиги ва Ислом ақийдасининг оддий ва табиий экани баён этилади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 13:03 | Савол-жавоблар | 150 | Сийрат ва тарих
|
Boshqa savol-javoblar