Оловда пишган таом еса тахорот бузиладими

Ассаламу алайкум! Сунани Термизий 58-БОБ МАВЗУ: ОЛОВДА ПИШГАН ТАОМ (ЕЙИШ) ТУФАЙЛИ ТАҲОРАТ ЛОЗИМЛИГИ 79. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: у деди: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олов теккан ҳамма нарса, ҳатто пишлоқ парчаси (ейиш) туфайли ҳам таҳорат олиш лозим бўлади», - деб айтдилар. Шунда Ибн Аббос: «Ё Або Ҳурайра! Ёғ (ейиш) туфайли ҳам таҳорат оламизми? Қайноқ сув (ичиш) туфайли ҳам таҳорат оламизми?..» — деб сўради. Шунда Абу Ҳурайра айтди: «Эй биродарзодам! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис эшитдингми, унга мисол тонишга уринма!».Саволим: оловда пишган таом еса тахорот бузиладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳадиснинг шарҳини ўқиш керак. Қуйида шу мавзуга оида ҳадисларни берамиз:عَنِ الْبَرَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْوُضُوءِ مِنْ لُحُومِ الْإِبِلِ فَقَالَ: تَوَضَّئُوا مِنْهَا، وَسُئِلَ عَنْ لُحُومِ الْغَنَمِ فَقَالَ: لَا تَوَضَّئُوا مِنْهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан туянинг гўштидан таҳорат қилиш ҳақида сўралди.
У зот:
«Ундан таҳорат қилинглар» дедилар. Қўйнинг гўшти ҳақида сўралди. У зот:
«Ундан таҳорат қилманглар», дедилар».
Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг зоҳирий маъносидан туянинг гўштини еган одамнинг таҳорати кетади. Лекин бу ҳадис маълум вақт ва маълум сабаб учун айтилган ва кейин насх бўлиб, амалдан қолган.  عَنْ زَيْدِ بْنِ ثَابِتٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الوُضُوءُ مِمَّا مَسَّتِ النَّارُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олов теккан нарсадан таҳорат», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийси Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Зайд ибн Собит ибн Заҳҳок Ансорий ал-Хазражий, кунялари Абу Саъийддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилганларида бу киши 6 ёшда эдилар. Ўша йили у кишининг оталари вафот этади. Бадр ғазотида қатнашмоқчи бўлганларида ёшлари кичкина бўлгани сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб юборадилар. Уҳуд ғазотида қатнашганлари тўғрисида ихтилофлар бор. Хандақ ғазотида қатнашиб, хандақ қазиш, тупроқ ташиш каби ишлар билан машғул бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, «Бу бола мунча ҳам яхши», деб марҳамат қиладилар.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан эдилар. Ваҳийларни ёзиб олиш билан бирга, ёдлаб ҳам борар эдилар. Қуръоннинг ҳаммасини ёдлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтказиб чиққан уч нафар ансорларнинг бири эдилар.
Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳумларга Қуръони Каримни мусҳаф ҳолатига келтириб, ёзиб берган киши ҳам шу зот эдилар.
Бу киши фиқҳ, мерос, қироат илмларида етук олимлардан эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зайд бу умматнинг илм денгизидир», деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фароиз илмларини ичларингизда Зайд ибн Собит яхши билади», деб айтганлар.
Халифа Умар розияллоҳу анҳу агар Мадинадан ҳаж қилишга ёки бирор сафарга отлансалар, Зайдни ўз ўринларига халифа қилиб кетар эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам шундай қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу у кишидан дарс олар эдилар. Бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу чиқиб, отларига минмоқчи бўлсалар, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турган эканлар. Зайд бундан қайтарибдилар. Шунда Ибн Аббос: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз», дебдилар. Зайд эса Ибн Аббоснинг кафтларидан ушлаб, ўпиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», деган эканлар.
Зайд вафот этганларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Бугун умматнинг олими вафот этди, шоядки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига Ибн Аббосни ўринбосар қилса эди», деб дуо қилган эканлар.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 92та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Ибн Умар, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик, Саҳл ибн Ҳунайф, Абу Саъийд ал-Худрий ва бош¬қа улуғ саҳоба розияллоҳу анҳумлар ривоят қилганлар.
Бу зот ҳижратнинг 45-йили вафот этдилар. Вафотлари муносабати билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари Ҳассон ибн Собит бу кишига марсия ўқидилар.
У киши ривоят қилган олов теккан нарсадан мурод, оловда пишган гўштдир. Бу ҳам аввалги ҳадис каби насх бўлиб, амалдан қолган ҳадислардан ҳисобланади. Бу маънони қуйида келадиган ҳадис амалга оширган ва тасдиқлаган. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَكَلَ كَتِفَ شَاةٍ ثُمَّ صَلَّى وَلَمْ يَتَوَضَّأْ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг кифтини едилар ва намоз ўқидилар, таҳорат қилмадилар».
Учалалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадис олдинги ҳадисни насх қилиб, амалдан қолдирган. Шунинг учун ҳам мусулмон уммати қадимдан ҳозиргача ҳеч шубҳаланмасдан оловда пиширилган нарсаларни тановул қилганлар ва қилмоқдалар.عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ آخِرُ الْأَمْرَيْنِ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَرْكَ الْوُضُوءِ مِمَّا غَيَّرَتِ النَّارُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу икки ишнинг охиргиси (амал қилингани) олов ўзгартирган нарсадан таҳорат қилмаслик бўлган эди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳар хил ривоят келганидан иккиланиб, қайси бирига амал қилиш керак экан, деган хаёлга бормаслик керак. Собит ва аниқ бўлгани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан охирги амал қилингани – туянинг гўшти ва оловда пишган гўштни егандан кейин таҳорат қилмасликдир. Бу ҳукмни уламолар жумҳури, жумладан, тўрт мазҳаб бир овоздан жорий қилганлар.
Ҳанафий мазҳаби бўйича инсон баданидан оққан қон ҳам таҳоратни кетказади. Бунга далил қуйидаги ҳадислар:
1. Имом Ибн Можа Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:
«Ким намозда қайт қилса ёки бурни қонаса, бурилиб чиқсин, таҳорат қилсин ва гапирмаган бўлса, намозини келган жойидан ўқиб кетсин», дейилган.
2. Имом Дора Қутний Тамийм ад-Дорий ро¬зиял¬лоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Ҳар бир оққан қондан таҳорат», дейилган.
3. Дора Қутний Абу Ҳурайра розияллоҳу ан¬ҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Бир қатра ёки икки қатра қондан таҳорат йўқ, магар оққан қон бўлса, бор», дейилган.
Булардан бошқа ҳужжатлар ҳам бор. Демак, Ҳанафий уламолари қон чиқса, таҳорат кетади, деган гапни ўзлари тўқиб  чиқарган ёки ҳаводан олган эмаслар. Балки ҳадиси шарифлар билан тасдиқлаганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

10 Май 2022, 18:50 | Савол-жавоблар | 174 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar