Саббоба қилиш ҳаромми?

Ассалому алайкум! Мен суннатга амал қилиб савоб олиш ниятида, намоз ўқиганимда ишораи саббоба қилар эдим. Бир китобда яъни Сўфи Оллоёр “Маслакул Муттақин” Мовароуннаҳр нашриёти Тошкент-2007 йил Таржимон Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли. 222-бет “Намознинг ҳаромлари ва уларнинг ҳукми” мавзусида шундай ёзилган экан. “Агар «аттаҳиёт»да имом Шофеъийни мазҳабларидек «Ашҳаду ан ла…»да саббоба кўрсаткич бармоғини кўтарса (ишорат қилса) ҳаром бўлур – дейилган экан. Саббоба қилиш ҳаромми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا جَلَسَ فِي الصَّلَاةِ وَضَعَ كَفَّهُ الْيُمْنَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُمْنَى، وَقَبَضَ أَصَابِعَهُ كُلَّهَا وَأَشَارَ بِإِصْبَعِهِ الَّتِي تَلِي الْإِبْهَامَ، وَوَضَعَ كَفَّهُ الْيُسْرَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُسْرَى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَلِأَصْحَابِ السُّنَنِ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَتَيْنِ الْأُولَيَيْنِ كَأَنَّهُ عَلَى الرَّضْفِ حَتَّى يَقُومَ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўтирсалар, ўнг кафтларини ўнг сонларига қўяр, панжаларини тугиб, бош бармоқ ёнидаги бармоқлари билан ишора қилар эдилар. Чап кафтларини чап сонларига қўяр эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. «Сунан» эгалари ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аввалги икки ракъатда ўтирсалар, то тургунларича худди қизиган тошларнинг устида ўтиргандек ўтирар эдилар», дейилган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ташаҳҳудда қандай ўтириш ҳақида сўз бормоқда. 1. Ташаҳҳудда ўтирганда ўнг кафтни ўнг сонга, чап кафтни чап сонга қўйиб, панжаларни қиблага қаратиб ўтирилади. 2. Панжаларни тугиб, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинади. Бу бармоқ арабчада «саббоба» деб аталади. Шунинг учун ташаҳҳудда қилинадиган ишора ҳам «ишораи саббоба» дейилади. «Ишораи саббоба» ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа» деганда «лаа»ни айтаётганда кўрсаткич бармоқни юқорига кўтариш билан бўлади. Ўша бармоқни кўтаришда бошқа бармоқлар йиғиб олинади. Баъзилар ушбу ривоятдаги «панжаларини тугиб» деган жумлани ташаҳҳудга ўтиришда тугиб ўтиради, деб тушунганлар. Шунинг учун аввалдан қўлларини мушт қилиб ўтириб, «лаа» калимасига келганда кўрсаткич бармоқларини юқорига кўтаришади. «Саббоба» сўкиш деганидир. Бинобарин, «ишораи саббоба» – сўкиш ишораси бўлади. Ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу»нинг «лаа»сида кўрсаткич бармоқни кўтариш «шайтонни сўкиш, уни темир қамчи билан уриш» дегани бўлади. Ишорани қилгандан сўнг намоз тамом бўлгунича ўша бармоққа қараб турилади. 3. Биринчи ташаҳҳудда ўтирганда худди қизиган тошда ўтиргандек ўтирилади. Бундан ташаҳҳудни ўқиш билан дарҳол туриш тушунилади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا جَلَسَ فِي الصَّلَاةِ وَضَعَ كَفَّهُ الْيُمْنَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُمْنَى وَقَبَضَ أَصَابِعَهُ كُلَّهَا، وَأَشَارَ بِإِصْبَعِهِ الَّتِي تَلِي الْإِبْهَامَ، وَوَضَعَ كَفَّهُ الْيُسْرَى عَلَى فَخِذِهِ الْيُسْرَى رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозда ўтирсалар, ўнг кафтларини ўнг сонларига қўяр, бармоқларини тугиб, бош бармоқ ёнидаги бармоқлари билан ишора қилар эдилар. Чап кафтларини чап сонларига қўяр эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Ушбу ҳадиси шарифда ташаҳҳудда ўтириш ва унда қилинадиган ишлар ҳақида сўз кетмоқда. Ташаҳҳудда ўтирганда ўнг кафтни ўнг сонга, чап кафтни чап сонга қўйиб ўтириш. Бармоқларни қиблага қаратиб ўтириш. Ўнг қўл бармоқларини тугиб, бош бармоқ ёнидаги кўрсаткич бармоқ ила ишора қилиш. Ўша бармоқни араб тилида «саббоба» дейилади. Шунинг учун ташаҳҳудда қилинадиган ишорани ҳам «ишораи саббоба» дейилади. «Ишораи саббоба» ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа», деганда «Лаа илааҳа»ни айтаётганда кўрсаткич бармоқни юқорига кўтариш ва «иллаллоҳу»ни айтганда тушириш билан бўлади. Ўша бармоқни кўтаришда бошқа бармоқларни йиғиб олинади. Баъзилар ушбу ривоятдаги «бармоқларини тугиб»ни ташаҳҳудга ўтиришда тугиб ўтиради, деб тушунганлар. Шунинг учун аввалдан қўлларини муштга ўхшатиб ўтиришади ва «Лаа илааҳа»га келганда кўрсатгич бармоқларини юқорига кўтаришади. Бармоқларни тугмасдан, уларни оддий ҳолатда қиблага қаратиб, учларини тиззага етказиб ўтириш кўпроқ маъқул бўлган. «Саббоба» сўкиш деганидир. Бинобарин, «ишораи саббоба»нинг маъноси – «сўкиш ишораси» бўлади. Ташаҳҳудда «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу»нинг «Лаа илааҳа»сида кўрсаткич бармоқни кўтариш шайтонни сўкиш бўлади. «Ишораи саббоба»ни қилиб, бармоқни тушириш шайтонни темир қамчи билан уришдек гап, дейилади. Ишорани қилгандан сўнг намоз тамом бўлгунча ўша бармоққа қараб турилади. Ишораи саббоба пайтида тугилган бармоқлар намознинг охиригача ҳам ёзиб юборилмайди. Баъзи уламоларимиз бу ишорани қилмасликни айтганлар. Аммо Ибн Ҳумом ва Али Қорий каби уламоларимиз: «Буни қилмаслик ривоят ва дироятга хилоф бўлади», деганлар. Биз эса устози ўргатганлар қилсин, ўргатмаганлар қилмасин, аммо ихтилоф бўлмасин, деймиз. Унга ҳеч нарсани зиёда қилмайди. Яъни қаъдаи улаа – биринчи ўтиришда ташаҳҳудга ҳеч нарсани зиёда қилмайди. Уни ўқиб бўлиши билан учинчи ракъатга туриб кетаверади. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

28 Июл 2022, 09:44 | Савол-жавоблар | 191 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar