Шундай савдо қилиш жоизми

Ассалому алайкум! Таварруқ савдоси ҳақида берилган саволларга ёзилган жавобларни ўқидим. "Реализция, даллоллик, акциялар билан ишлаш" номли саволнинг жавобида: "Таварруқ савдоси – сотувчининг мулкида ва қўлида турган молни нархини кейин бериш шарти ила сотиб олиб, кейин уни бошқа кишига нақдга сотиш ила пулга эга бўлишдир" ва "Ушбу таварруқ савдоси шариат бўйича жоиздир" - деб ёзилган. Саволим: 1. Жавобдаги "кейин бериш" дейилганда маълум бир кунда бериш назарда тутилганми, ёки маҳсулотни сотилганидан кейин бериш назарда тутилганми? 2. Ўзаро келишувга кўра сотувчидан маҳсулотни айнан сотилганидан кейин пулини бериш шарти билан дўконда олиб қолиш шаръан жоизми? 3. Бу ҳам таварруқ савдо ҳисобланадими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1). Олдиндан келишилган маълум бир кунда бериш назарда тутилган.2). Молни сотиб олиб, унинг пулини кейинчалик бермоқчи бўлса ва ўша муддат қачон эканини икки томон ҳам билмаса бундай савдо фосид бўлади. Бундай шаклдаги савдони дуруст қилиш учун бирор муддат тайин қилиб олиш шарт. Ўша муддат келгач сотувчи пулини 100 да 100 талаб қилиб олишга ҳақли бўлсин. Харидор бор будини сотиб бўлса ҳам ўша қарзни қайтариш мажбуриятини зиммасига олсин. Кейинчалик ўша муддат келгач харидорнинг қўлида пул бўлмаса - ё бирор нарсасини пуллаб қарзни ёпади ё сотувчи яна муҳлат беради. Бошқа бир йўли эса - молни дўконга сотмасдан, дўкончига омонат қилиб топширсин ва фалон нархга сотиб беришга келишсин. Бу йўлнинг аввалгисидан фарқи шуки, бунда омонатни истаган пайти қайтариб олиши мумкин. Савдони эса бузиб бўлмайди. Валлоҳу аълам!

20 Декабр 2023, 14:55 | Савол-жавоблар | 0 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar